Namangan davlat pedagogika instituti
Manba havolasi: https://namspi.uz/uz/769
Мустақилликнинг 35 йиллиги: билим ва тафаккур — Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий кучи.
29 август 2026
Мустақилликнинг 35 йиллиги: билим ва тафаккур — Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий кучи.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг байрам тантанасидаги нутқини тинглар эканман, айниқса, таълим, илм-фан, инновация, рақамли технологиялар ва ёшлар келажагига оид фикрлар менда катта таассурот қолдирди.
Бугун мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида билим ва малакани миллий тараққиётнинг асосий капиталига айлантириш стратегик мақсад сифатида белгиланаётгани, аввало, педагог сифатида биз — профессор-ўқитувчилар зиммасига улкан масъулият юклайди.
Президентимизнинг «билимли, келажак касбларини пухта эгаллаган ва мустақил фикрлайдиган янги авлод мутахассислари»ни тарбиялаш зарурлиги ҳақидаги фикрлари бугунги олий таълим олдида турган энг муҳим вазифани аниқ белгилаб берди.
Айниқса, IT, сунъий интеллект ва креатив иқтисодиётни ривожлантириш орқали 10 миллион ёшни рақамли индустрия ва келажак касбларига олиб кириш мақсади мамлакатимизда рақамли трансформация қай даражада улкан кўламда олиб борилаётганини кўрсатади.
Бу жараёнда педагог кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларининг ўрни беқиёс. Чунки рақамли технологияларни яратадиган мутахассис билан бир қаторда, ана шу технологиялардан самарали фойдалана оладиган, замонавий билимни ёш авлодга етказа оладиган педагогларни тайёрлаш ҳам стратегик аҳамиятга эга.
Наманган давлат педагогика институти профессор-ўқитувчиси сифатида мен Президентимизнинг таълимга сифат ва мазмун олиб кириш, ўқитувчининг обрў-эътиборини юксалтириш ва унинг даромадини оширишга қаратилган эътиборини алоҳида қўллаб-қувватлайман.
Зеро, таълим сифати — ўқитувчи сифати билан, ўқитувчи сифати эса унинг илмий салоҳияти, касбий маҳорати, замонавий технологияларни эгаллаши ва ўз устида мунтазам ишлаши билан чамбарчас боғлиқ.
Президентимизнинг «Ўзбек тили рақамли дунёда илм ва технология яратиладиган тил бўлиши лозим» деган ғояси ҳам биз, айниқса, педагоглар ва олимлар учун катта илмий-маърифий дастуриламалдир. Бу вазифа миллий тилда замонавий электрон таълим ресурслари, сунъий интеллект технологиялари, рақамли платформалар ва илмий контент яратишни янада жадаллаштиришни тақозо этади.
Яна бир жиҳат мен учун алоҳида аҳамиятли. Олий таълимда талабалар сонининг 1 миллион 600 минг нафарга етгани ва уларнинг ярмидан кўпини хотин-қизлар ташкил этаётгани — жамиятимизда таълимга бўлган муносабат, аёлларнинг илм-фан ва касбий фаолиятдаги ўрни тобора юксалаётганининг ёрқин ифодасидир.
Билимли қизлар — билимли оила, билимли авлод ва маърифатли жамият. Бу фикрда халқимизнинг эртанги кунига дахлдор улкан ҳақиқат мужассам.
Бугун биз Учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган эканмиз, унинг энг мустаҳкам устунлари — сифатли таълим, фундаментал ва амалий илм-фан, инновация, рақамли технологиялар ва юксак маънавият бўлмоғи зарур.
Келгусида Ўзбекистоннинг камида 10 та университетини дунёнинг TOP-1000 талигига киритишдек юксак мақсаднинг қўйилиши ҳам биз, олий таълим тизими вакилларини янада катта изланишларга ундайди. Бу натижага эришиш учун таълим жараёнини замонавийлаштиришнинг ўзи етарли эмас — илмий тадқиқотлар сифатини ошириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илмий мактабларни ривожлантириш ва ёш олимларни қўллаб-қувватлаш зарур.
Мен, профессор-педагог сифатида, бугунги мурожаатни нафақат давлатимиз тараққиётининг янги вазифалари, балки ҳар бир зиёли, ҳар бир олим ва ҳар бир устоз учун катта масъулият ва ишонч сифатида қабул қиламан.
Биз ёшларга фақат билим берибгина қолмай, уларни изланишга, янгилик яратишга, мустақил ва танқидий фикрлашга, сунъий интеллект ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланишга ўргатишимиз керак.
Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, ёшлар — «Янги Ўзбекистон юлдузлари, келажак бунёдкорлари».
Уларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, сифатли таълим ва муносиб тарбия бериш эса биз — устоз ва мураббийларнинг энг шарафли вазифамиздир.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муборак бўлсин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, илм-фанимиз юксак, ёшларимиз билимли ва салоҳиятли, Янги Ўзбекистонимизнинг келажаги янада порлоқ бўлсин!
М. Эшназарова,
Наманган давлат педагогика институти профессори