Наманган давлат педагогика институти жамоаси, профессор-ўқитувчилари ва талабаларига
01.03.2026 19:26:35 40
МУРОЖААТНОМА
Ҳурматли ота-оналар, азиз талаба-ёшлар ва ҳамкасблар!
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Кўксарой қароргоҳида ёшлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда белгилаб берилган устувор вазифалар Наманган давлат педагогика институти жамоаси учун янги бир даврни бошлаб беради, десак асло муболаға бўлмайди. Наманган давлат педагогика институти жамоаси, талаба-ёшлари билан биргаликда барча масъулиятни ўз зиммамизга олган ҳолда қуйидаги мақсад ва вазифаларни, мақсадли кўрсаткичларни белгилаб олдик.
- Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни ташкил этиладиган “Ёшлар куни”да Ректор, иш берувчилар ва банк ходимларининг бевосита иштирокида талаба-ёшлар ўртасида очиқ мулоқотлар ўтказамиз ва талабалар ташаббусларини тўла қўллаб-қувватлаймиз.
- Битирувчилар бандлигини таъминлаш борасида институтни 2025/2026 ўқув йилида тамомлайдиган 1692 нафар битирувчини тўлиқ бандлигини таъминлашни устувор вазифам деб биланман.
Битирувчи талабаларимизга “Келажакка қадам” дастури орқали Миллий банк билан ҳамкорликни кучайтирган ҳолда имтиёзли кредитлар ажратишга кўмаклашамиз. “Келажакка қадам” дастурида битирувчиларнинг 100 дан ортиқ бизнес лойиҳалари билан иштирок этамиз. Наманган шаҳридаги Мономарказда битирувчиларга қўшимча касб-ҳунар эгаллашлари учун шарт-шароитлар яратилади, тадбиркорлик кўникмалари шакллантирилади.
Ҳар бир битирувчи бўйича таълим йўналишлари кесимида мониторинг олиб борилади, бандликка кўмаклашиш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилиб, 100% бандликка эришилади.
Институт талабаларининг 100 нафарига “Work and travel” дастури орқали хорижда ишлашга ёрдам берамиз.
- Хорижий тиллар бўйича қамровни кенгайтириш.
Институтдаги “Келажак ўқитувчиси” марказида ва “Регистон”, “Зиёкор” тил ўргатиш ўқув марказида талабаларга хорижий тилларни эгаллашлари учун шарт-шароитлар яратиш орқали 1200 талабани халқаро тил сертификатига эга бўлишларига эришилади.
Наманган шаҳридаги 10 та МФЙда билан амалга оширилаётган ҳамкорлик натижасида 1000 нафар дан ортиқ ёшларни институтда спорт билан шуғулланишлари учун шарт-шароитлар яратилади.
- Сунъий интеллект йўналишида илмий-инновацион ривожланиш.
Институтда ташкил этилган “Сунъий интеллект педагогик маркази”да тайёргарликдан ўтган 10 нафар ўқитувчи ҳар йили режа қилинган 1050 нафар талабага қўшимча равишда 1500 нафар талабани сунъий интеллект технологиялари бўйича ўқитилади.
- Китобхонлик маданиятини ошириш.
Институт Ахборот ресурс марказига 500 млн. сўм маблағ ажратилиб, илмий ва бадиий адабиётлар билан бойитилади. “Бир ҳафтада бир китоб”, “Зукко китобхонлар” каби танловлар ўтказилиб, танлов ғолиблари моддий ва маънавий рағбатлантирилади. “Ёш китобхонлар жамияти” тузилиб, унга 1000 нафардан ортиқ талабалар қамраб олинади
- Спортни ривожлантириш ва Олимпия захирасини шакллантириш.
2025/2026 ўқув йилида анъанавий ўтказиб келинаётган “Гимнастрада” спорт фестивалига қамровни 50 %га етказамиз, 5 та спорт тури бўйича “Ректор кубоги” мусобақаларини ташкил этамиз ҳамда мазкур мусобақаларга институтга яқин 10 та маҳалла ёшларини ҳам жалб этамиз.
Институт Спорт клубини 439 млн. сўм маблағ билан молиялаштириш орқали талабаларга спорт билан шуғулланишлари учун етарли шарт-шароитлар яратамиз. Ўзбекистон, Осиё ва Жаҳон чемпионларини тайёрлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади.
- Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш.
Институтда ҳар йили камида 10 та стартап ва инновацион ғоя танлови ўтказилади. 300 нафар иқтидорли ёшлар халқаро конференция ва стажировкаларга юборилади, “Халқаро талабалар”ни тайёролаш тизими йўлга қўйилади.
Ёшлар Маслаҳат Кенгаши орқали қарор қабул қилиш жараёнларига ёшлар жалб этилади.
- Волонтёрлик ҳаракати.
Институтда Волонтёрлик маркази фаолияти йўлга қўйилади ва унга ҳар йили 500 нафар талабани жалб қилинади. Ёшларни олий таълимга жалб қилиш, касб-ҳунар ва тил ўргатишда Волонтёрлар фаолиятидан кенг фойдаланамиз.
- Таълим трансформацияси ва инфратузилма.
Президентимизнинг олий таълимни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича берган топшириқлари асосида 2026-2027 ўқув йилидан Аниқ ва табиий фанлар факультети негизида “Аниқ фанлар олий мактаби” ташкил этилиб, таълим, илм ва инновациянинг ягона бошқарув тизими жорий этилади.
Институтнинг вилоятдаги 14 та туманида “Ўқув-илмий методик маркази” ва мактабгача таълим ташкилотларида очилган “EDUKIDS – hamkorlik markazi” фаолиятини такомиллаштириш орқали таълим ташкилотларидаги масалаларга илмий ёндашув орқали ечим топилади.
- Институтда “Иккинчи имкон” лойиҳаси орқали жазони ўтаб бўлган ёшларга IT-касблар, спорт турларини ва хорижий тилларга ўқитишда масъул ташкилотларга назарий ва амалий кўмак беришга тайёрмиз.
Ҳурматли жамоа! Азиз ота-оналар ва талабалар!
Битирувчилар бандлигини таъминлайдиган, инновациялар ва стартап яратадиган, чемпион тайёрлайдиган, маънавият ва китобхонлик марказига айланадиган, ижтимоий адолатни таъминлайдиган намунавий институт бўлишимиз учун сизлар билан елкама-елка, ҳамфикр бўлиб ишлашга тайёрман.
Барчангизни ушбу тарихий имкониятларни амалиётга татбиқ этишда фаол ва ташаббускор бўлишга чақираман.
Ҳурмат билан,
Наманган давлат педагогика
институти ректори Баҳодир Хусанов